Қорақалпоғистонда ўқув йили якунлари танқидий муҳокама этилди

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугун Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги ҳамда туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари билан учрашиб, ўқув йили якунлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ёзги таътилни мазмунли ўтказиш, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнларини ташкил этишда амалга ошириладиган вазифалар танқидий муҳокама қилинди. 

“Шу ўқув йилининг ўзида бир неча маротаба Қорақалпоғистонда бўлдик, афсуски, жойларда туман мудирлари, мактаб раҳбарларининг дунёқараши ўзгармаётганлигини кўряпмиз”, — дея таъкидлади вазир.

photo2022-06-1418-01-24-kopia.jpg

Мамлакат тараққиёти, эртанги келажак барчамизнинг, шу жумладан педагоглар қўлида эканлиги, ўқувчиларнинг тақдирига биз масъул эканлигимизни яна бир бор эслатиб ўтди.

Шунингдек, учрашувда Қорақалпоғистонда таълим сифатини ошириш, мактабда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, ҳар томонлама маънавий етук, мустақил дунёқарашга эга бўлган, мактабда олган билимларини ҳаётда қўллай оладиган битирувчиларни тарбиялашда педагогларнинг масъулияти тушунтириб берилди.  

photo2022-06-1418-01-27-kopia.jpg

“Қорақалпоғистонда фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш, қурилиш ва бошқа соҳаларга янги замонавий нано технологияларни жорий этадиган ёш мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ўқувчиларни мактабдан касб-ҳунарга йўналтиришимиз зарур”—дея таъкидланди учрашув чоғида.

Жорий йилнинг 11 май куни қабул қилинган 2022-2026 йилларда халқ таълими соҳасини ривожлантириш бўйича Миллий дастур ва унинг ижросига қаратилган Фармон ва Қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

photo2022-06-1418-01-21-kopia.jpg

Таълим муассасаларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ҳудудий дастурлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари билан биргаликда мактабларда ўқувчилар учун муносиб шароитларни яратиш, маҳаллий ҳокимликлар моддий-техник базасини, халқ таълими бўлимлари эса мактабдаги мазмун, яъни сифатли таълимни таъминлаб бериши зарурлиги тушунтирилди.

photo2022-06-1418-02-25-kopia.jpg

Учрашув якунида соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда педагоглардан тортиб, мактаб директори, туман халқ таълими бўлими ва вилоят бошқармаси ходимларининг биргаликда жамоа бўлиб ишни ташкил этиш бўйича шахсий жавобгарлиги белгилаб берилди.

Baham ko'ring: